АҚШ аскари отиб ўлдирган афғонлар яқинларига товон пули тўланди

АҚШ аскари Қандаҳор вилоятида отиб ўлдирган Афғонистон фуқароларининг оила аъзоларига товон пули тўланди.

Вилоят кенгаши аъзоси Оға Лалай Озодликка отиб ўлдирилган ҳар бир афғонистонлик учун АҚШ 50 минг долларидан товон пули тўлаганини айтди.

Лалайга кўра, воқеада яраланган тинч аҳоли вакиллари 11 минг доллардан пули олган.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучларнинг Кобулдаги вакили қатлиом қурбонларига товон пули тўланганини тасдиқлашдан бош тортди.

23 март куни АҚШ армияси сержанти Роберт Бейлсга қарши олдиндан режаланган қотиллик бўйича 17 та айблов эълон қилинди.

Бейлс 11 март куни саҳарда ҳарбий базадан чиқиб, Қандаҳор вилоятининг Панжваи туманидаги Алкозай қишлоғида уйма-уй юриб, 16 одам, жумладан, тўққиз бола ва уч аёлни отиб ўлдирди.