Обама Теҳронга берилган муддат битаётганидан огоҳлантирди

АҚШ президенти Барак Обама Эрон раҳбариятини бўҳронларга сабаб бўлиб қолаётган Теҳрон ядровий дастури муаммосини ҳал қилишда тезроқ ҳаракат қилишга чорлади.

АҚШ президенти бунинг учун Теҳрон раҳбариятига берилган муддат ўтиб бораётганини ҳам эслатди.

Жанубий Кореяга сафари доирасида Сеулдаги университетда сўзлаган Барак Обама, шунингдек, Шимолий Корея раҳбарларини "тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга журъат қилиш"га чақириб, ҳар қандай провокация халқаро ҳамжамиятнинг қораловига сабаб бўлишини айтди.

АҚШ раҳбари Россия раҳбарияти билан бўлажак музокаралари чоғида дунё бўйлаб ядровий қуроллар сонини қисқартириш стратегиясини муҳокама қилиш ниятида эканини ҳам билдирди.

Айни кезда Барак Обама АҚШ ихтиёридаги ядровий қуроллар сонининг ҳам кўплигини тан олар экан, бу дунё хавфсизлигига таҳдид эмаслиги ҳақида таъкидлади.