Афғонистонда икки Британия аскари ўлдирилди

Афғон аскари кийимини кийган шахс бугун НАТОнинг мамлакат жанубидаги ҳарбий базасида Британиянинг икки аскарини отиб ўлдирди.

Бу ҳақда НАТО раҳбарияти берган баёнотда айтилишича, ҳужум қилган шахснинг ўзи ҳам унга қарши амалиёт пайтида ўлдирилган.

- Афғон миллий армияси кийимини кийган шахс НАТО кучлари ҳарбий хизматчиларини ўққа тутиб, икки кишини ўлдирди. Бу шахснинг ўзи коалиция ҳарбийлари томонидан унга берилган жавоб ҳужумида ўлдирилди. Ҳозир коалиция ва афғон ҳарбийлари қўшма ҳайъати воқеани ўрганмоқда, - деди НАТО матбуот вакили Жастин Беркҳофф.

Расмий маълумотга кўра, ҳодиса Ҳилманд вилоятидаги Лашкар Гоҳ ҳарбий базасида рўй берган.

Ҳозирча бу қонли тўқнашув сабаблари очиқлангани йўқ.