Ўзбекистонлик ошпазлар шу йилнинг 14-20 март кунлари Украина пойтахти Киев шаҳрида ўтказилган 8-Ҳалкаро Ёшлар пазандалик мусобақасида қатнашиб, 10 та медал, диплом ва “Гран - При” мукофотлари билан қайтишди.
Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров Озодлик билан суҳбатда ўзбек ошпазларининг Киевдаги ютуғи ўзбек таомларини дунёга танитиш йўлида қилинган муҳим қадам эканини таъкидлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров билан суҳбат
Илҳом Турғунов Хамир таомлари номинациясида олтин медалга эга бўлди.
Хусан Мирзаев – Товуқ гўштли таом ва карвинг санъати (мева ва сабзавот ўймакорлиги) номинациясида олтин медалга эга бўлди.
Бобур Қаюмов – Товуқ гўштли таом, ва Балиқ таоми номинацияси, Мирумар Худойберганов – Карвинг, яъни мева-сабзавотлар ўймакорлиги санъати номинациясида, Файзуллох Абдуллаев – Қўй гўштидан таом номинациясида бронза медали олдилар.
Ўзбекистон ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаров “Ёш мутахассисларни тайёрлагани учун” 1 даражали медал билан тақдирланди.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Молдованинг Кишинёв шаҳрида ўзбекона ош пишириш бўйича ўтказилган пазандалар шоусида жаноб Умаров 4 тонна 700 килограмм палов пишириб, Гиннеснинг рекордлар китобига кириш ниятлари борлиги ҳақида гапирган эди.
Ўзбек ошпазлар бу рекордни шу йилнинг март-апрел ойларида ўрнатишни режалаштираётгандилар.
Жаноб Умаровнинг айтишича, бу хусусдаги маълумотлар тез орада уюшма веб саҳифасида эълон қилинади.