Ўзбекистонликлар Британия визасига Интернет орқали пул тўлайди

Буюк Британиянинг бутун дунёдаги элчихоналари электрон виза тизимига ўтмоқда.

Бирлашган Қиролликнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига кўра, 6 апрелдан Ўзбекистон фуқаролари ҳам виза олиш учун Интернет орқали ариза тўлдиришлари ва пул тўлашлари талаб этилади.

Электрон тўловлар дастлаб Master ва Visa карталари орқали фақат АҚШ долларида қабул қилинади, кейинроқ эса аризачиларга тўлов учун тасдиқланган рўйхатдаги валюталардан бирини танлаш имкони берилади.

Виза учун электрон тизим жорий этилиши сўровнома топшириш ва тўлов ўтказиш жараёнини қулайлаштириши айтилмоқда. Бундан ташқари, Британия элчихонасига кўра, электрон тўлов усули виза талабгорлари учун ҳам, консуллик масъуллари учун ҳам хавфсизроқдир.