Қирғизистонда 7 апрел қурбонлари хотирланмоқда

Икки йил аввал Бишкекда содир бўлган воқеалар чоғида мухолифат тарафдори бўлган намойишчилардан 87 киши ҳалок бўлганди.

Бугун Бишкек марказий майдонида 2010 йил апрелида қурбон бўлганлар хотирасига ёдгорлик обидаси очилди.

Ёдгорлик обидаси очилишида қатнашган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, собиқ президент Роза Ўтунбаева, Бош вазир Ўмурбек Бабанов, парламент спикери Асилбек Жеенбеков ва бошқа расмийлар шундан сўнг икки йил аввалги воқеалар чоғида ҳалок бўлганлар дафн этилмиш Ата-Бейит қабристонига йўл олдилар.

У ерда апрел воқеаларининг 87 қурбони ҳақига дуо ва тиловатлар қилинди, қабрларга гул қўйилди.

Апрел воқеалари қурбонларини хотирлаш тадбирлари бугун Қирғизистоннинг бошқа катта шаҳарларида ҳам ўтказилди.

2010 йил апрелида содир бўлган воқеалар собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши, мухолифатчилардан иборат Муваққат ҳукумат иқтидорга келиши билан якун топганди.