Аннан: Сурияда қон тўкилиши ҳеч бир шартсиз тўхтатилиши керак

Кофи Аннан 10 апрел куни Туркиянинг Яйла шаҳридаги лагерида суриялик қочқинлар билан учрашди.

БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннан Сурияда қон тўкилиши дарҳол тўхтатилиши шарт дея баён қилди.

Туркия жанубидаги Хатой вилоятининг Яйла шаҳридаги қочқинлар лагерига борган Кофи Аннан Сурия ва унинг халқи манфаатлари йўлида зўравонликлар тўхтатилиши деди.

- Мен Сурия ҳукумати ва мухолифат партияларини тинчлик режасига мувофиқ зўравонликни тўхтатишга чақираман. Зўравонликлар олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўхтатилиши керак деб ўйлайман,- деди Кофи Аннан.

Айни пайтда, БМТ қўллаб-қувватлаган тинчлик режасига мувофиқ 10 апрел куни Сурия ҳукумати ўз қўшинларини исёнчи шаҳарлардан олиб чиқиши кераклигига қарамай, тўқнашувлар давом этмоқда.

Суриялик фаолларга кўра, ҳукумат кучлари сешанба куни Ҳама ва Ҳомс шаҳарларини тўплардан ўққа тутгани оқибатида одамлар ўлган.

Номаълум қуролли шахслар Хассаке вилоятида ҳукуматнинг олти аскарини отиб ўлдирган.