Таалай Собиров Ўш шаҳар кенгаши раиси бўлди

Ўш шаҳар кенгашининг янги сайланган раиси Таалайбек Собиров.

Ўш шаҳар кенгашининг 45 аъзосидан 23 нафари Таалайбек Собировни кенгаш раиси этиб сайлади.

Собиров Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг ўринбосари ва яқин иттифоқчиси бўлган. Собиров номзодини Мирзақматовнинг Миллий бирлик партияси ва Замондош партияси қўллаб-қувватлади.

Бу билан Мирзақматов Ўш мэри лавозимини эгаллаш учун олдинга яна бир қадам ташлади. Боиси Ўш мэри шаҳар кенгаши аъзолари томонидан сайланади.

Мелис Мирзақматов 4 март куни шаҳар кенгашига сайлов ўтказилганидан бери вақтинча шаҳар мэри вазифасини бажариб келмоқда.

Қирғизистон ҳукумати қарийиб икки йил олдин қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида рўй берган қонли воқеаларнинг олдини олмаганликда айбланган Мирзақматовни Ўш мэри лавозимидан четлатишга уриниб келмоқда.