Мисрда 10 даъвогар президентлик сайловидан четлатилди

Президентлик сайловидан четлатилганлар орасида “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати лидери Ҳайрат аш-Шатер ҳам бор.

Миср сайлов комиссияси мамлакат президентлигига даъвогарлик қилаётган 23 номзоддан 10 нафарини сайлов пойгасидан четлатиш қарорини тасдиқлади.

Сайлов комиссиясининг шанба куни эълон қилинган қарорида Миср собиқ вице-президенти Умар Сулаймон, “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати лидери Ҳайрат аш-Шатер ва Салафия тарғиботчиси Ҳазем Абу Исмоил каби 10 нафар даъвогарнинг сайловдан четлатилгани қайд этилиб, апелляция учун уларга 48 соат муҳлат берилган эди.

Миср матбуоти хабарларига кўра, Умар Сулаймон етарли даражада сайловчилар имзосини тўплай олмагани, аш-Шатер судлангани, Абу Исмоил эса онаси АҚШ фуқароси бўлгани учун сайловдан четлатилган.

Президентликка номзодларнинг якуний рўйхати 26 апрел куни эълон қилинади.

Мисрда президентлик сайловлари шу йил 23 май куни бошланади.

Сайловлардан сўнг давлатни бошқаришнинг ҳарбийлардан фуқаровий раҳбариятга ўтиши кутилмоқда.