БМТ вакили: Сурияда вазият “яхши эмас”

БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан.

БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг матбуот котиби Аҳмад Фавзи Сурияда ўт очишни тўхтатиш келишуви “жуда мўрт” ва мамлакатда вазият “яхши эмас”лигини айтди.

20 апрел куни Женевада сўзлаган Фавзи БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияга 300 нафар халқаро кузатувчи жўнатиш ҳақида резолюция қабул қилиши билан кузатувчилар “жуда тез жойлаштириши”ни маълум қилди.

Фавзига кўра, ҳозир Сурияда етти нафар халқаро кузатувчи бор.

23 апрел куни икки кузатувчининг Дамашққа етиб бориши кутилмоқда.

Бир ҳафта ичида яна 30 кишидан иборат кузатувчилар гуруҳининг Сурияга жўнатилиши режаланган.