Покистонда 120дан ортиқ йўловчиcи бўлган самолёт ҳалокатга учради

Равалпинди: Қутқарувчи гуруҳлар ва маҳаллий аҳоли авиаҳалокат рўй берган жойда, 2012 йил 20 апрел.

Бортида 127 йўловчи бўлган самолёт 20 апрел куни Покистон пойтахти Исломобод яқинида ёмон об-ҳаво шароитида ерга қулади.

Расмийларга кўра, Карачи шаҳридан Исломободга учган “Bhoja Airline” ширкатига қарашли самолёт қўниш пайтида ҳалокатга учраган.

Мудофаа вазири Чаудри Аҳмад Муҳар самолёт ерга тушганидан сўнг ёниб кетгани ва қутқарувчи гуруҳлар воқеа жойига етиб борганини айтди.

Ҳалокат оқибатида қанча одам нобуд бўлгани ёки тирик қолгани ҳақида маълумот тарқатилмади.

Давлат телевидениеси Исломобод ва Равалпинди шаҳридаги барча касалхоналар юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилганини хабар қилди.

Покистон Фуқаролар авиацияси матбуот котиби Парвез Георг Озодликка самолёт ҳалокати сабаблари ҳозирча маълум эмаслигини, бу махсус текширув ўтказилганидан кейин маълум бўлишини айтди.

Исломободда ўтказилган матбуот анжуманида “Bhoja Airline” ширкати вакили самолётни юқори малакали учувчи бошқаргани, у 30 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлганини айтди.