Қозоғистонда полициячилар устидан маҳкама бошланди

Қозоғистон ғарбида жойлашган Манғистау вилоятининг Актау шаҳрида полициянинг беш ходими устидан маҳкама жараёни бошланди.

Улар 2011 йил декабр ойида Жанаўзен шаҳрида рўй берган исёнлар пайтида хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Судланувчилардан уч нафари вилоят полициясининг юқори лавозимли зобитларидир.

Улар “одамлар нобуд бўлишига олиб келган ўқотар қуроллардан фойдаланганликда” айбланмоқда.

Ўтган йил декабр ойида Жанаўзен шаҳрида ҳукуматга қарши исёнлар пайтида камида 16 киши отиб ўлдирилган эди..

Айни пайтда, оммавий зўравонликларда иштирок этганликда айбланган 49 фуқаро устидан ҳам маҳкама давом этмоқда.