Янукович портлаш содир этганлар боши учун $ 250 минг ваъда қилди

Днепропетровскда 27 апрел куни амалга оширилган портлашлар пайтида яраланган аёл.

Украина президенти Виктор Янукович 27 апрел куни Днепропетровск шаҳрида портлашлар содир этган шахсларни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун икки миллион гривна, тахминан 250 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилди.

Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги Днепропетровск шаҳрида 27 апрел куни амалга оширилган тўртта портлаш натижасида 30 киши яралангани, улардан 10 нафари болалар эканини маълум қилди.

Вазирлик расмийлари портлашда жароҳат олган 22 киши, жумладан, тўрт одам оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини билдирди.

Янукович 28 апрел куни Днепропетровск вилоят касалхонасида даволанаётган болаларни бориб кўрди.

Янукович мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилгани тахмин қилинтган портлашлар бўйича олиб борилаётган тергов-суриштирув жараёни билан шахсан танишди.

Днепропетровск шаҳридаги портлаш учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Ҳужум сабаби номаълум бўлиб қолмоқда.