Олланд штаби Саркозини жавобгарликка тортилишини сўрамоқда

Франция президентлигига номзодлар Франсуа Олланд ва Николя Саркози.

Франция президентлигига номзод социалист Франсуа Олланд штаби амалдаги президент Николя Саркозининг аввалги сайлов кампаниясини ливиялик диктатор Муаммар Қаддафий режими қисман молиялаштирганига оид хабарлар юзасидан жиноий иш қўзғаш талаби билан чиқди.

Саркози шу йил 6 май куни ўтадиган президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўйича Олланднинг рақиби бўлиб ҳисобланади.

Олланд тарафдорлари ўз даъвосида Саркози Қаддафийдан қарийб 50 миллион евро олганини тасдиқловчи ҳужжатни ёйинламиш Mediapart сайти маълумотларига таянмоқдалар.

Ўтган йили Франция Қаддафий режимини ағдариб ташлаган ливиялик исёнчиларга ёрдам берганини қайд этган Николя Саркози эса бу айбловлар мантиқсиз эканини айтмоқда.

Аввалроқ фаҳшда айбланиб, сайловда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлган Доминик Стросс-Кан ҳам шанба куни Саркозини унга оид жанжал ортида турганини иддао қилганди. Бу ҳақда Халқаро Валюта Жамғармасининг собиқ раҳбари Британиянинг The Guardian газетасига берган интервьюсида билдирган.

Бу айбловларни рад этган Николя Саркози ҳали ҳам иши терговда бўлган Стросс-Кан бундай баёнотлар беришдан уялиши кераклигини айтган.