Сурия мухолифати кучлари ҳукуматнинг 12 аскарини ўлдирди

Идлиб шаҳридаги вайрон бўлган бино ва шикастланган автомбиллар, 2012 йил 30 апрел.

Суриялик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат шарқида жойлашган Дейр Ал-Зор вилоятида сешанба куни рўй берган жангларда исёнчилар ҳукуматнинг 12 аскарини ўлдирганини билдирди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган суриялик инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Бусайра туманидаги жангларда ҳукумат кучлари ракета ва оғир қуроллардан ўт очгани оқибатида тинч аҳолидан камида бир киши ўлган, мактаб биноси вайрон бўлган.

Сурия шимолида жойлашган Идлиб шаҳри 1 май куни минамётлардан ўққа тутилгани натижасида камида 10 киши яраланган.

Айни пайтда, БМТнинг халқаро кузатувчилари Сурия ҳукумати қўшинлари ва исёнчи гуруҳларни 12 апрелда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга риоя қилишга ундамоқда.