Байру Олландни қўллайди

Франция президентлигига асосий даъвогарлар Николя Саркози (ч) ва Франсуа Олланд (ў).

Франция президентлигига собиқ номзод Франсуа Байру 6 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловининг иккинчи босқичида социалист Франсуа Олландни қўллашини билдирди.

У Олланднинг рақиби бўлган амалдаги президент Николя Саркозини ултраўнгчиликка яқин сиёсат олиб бора бошлаганликда айблади.

Сайловнинг биринчи босқичида Байру 9 фоиздан кўпроқ овоз олган. Кузатувчилар унинг позицияси овоз бериш натижаларига сезиларли таъсир қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Охирги сўров натижаларига кўра, Франсуа Олланд бир неча фоиз овоз билан ўз рақиби Николя Саркозидан олдинда бормоқда, бироқ сўнгги бир неча кун ичида амалдаги президент овозлар орасидаги фарқни анча камайтиришга эришолган.