ЕИ делегацияси Тожикистон расмийлари билан учрашди

Белгия ТИВ Д.Рейндерс, Душанбе, 2012 йил 4 май.

Белгия Ташқи ишлар вазири Дидиер Рейндерс бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегацияси Тожикистон расмийлари билан учрашди.

Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Рейндерс мухбирларга музокаралар чоғида минтақавий интеграция ва хавфсизлик масалалари, жумладан, Тожикистон-Афғонистон чегараси ва Душанбенинг қўшни Ўзбекистон билан муносабатлари муҳокама қилинганини билдирди.

- Биз Тожикистон билан қўшни давлатлар ўртасидаги вазиятни муҳокама қилдик. Тожикистоннинг Россия, Эрон, Ўзбекистон, Хитой, Покистон ва Туркманистон билан муносабатлари ҳақидаги президент фикрларини эшитиш биз учун қизиқарли бўлди, деди Белгия Ташқи ишлар вазири.

Апрел ойида Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни икки ҳафтага тўхтатгани натижасида Тожикистондаги қатор заводларда ишлаб чиқариш тўхтаб қолган эди.

Сўнгги 20 йил давомида Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари турли масалалар, жумладан, энергия ва сув ресурслари борасидаги келишмовчиликлар сабабли таранг бўлиб келмоқда.

Дидиер Рейндерс президент Имомали Раҳмон билан учрашувда Тожикистонда 2013 йил ноябрида ўтказиладиган президентлик сайловларида халқаро кузатувчилар иштирок этиши масаласи ҳам кўтарилганини билдирди.