Леди Гага чой ичган идиш 75 минг долларга сотилди

Машҳур поп қўшиқчи Леди Гага бир марта чой ҳўплаган идиш Япониядаги хайрия ким ошди савдосида 6 миллион йен, тахминан 75 минг долларга сотилди.

Қўшиқчининг лаб бўёғи изи қолган пиёлани ким сотиб олгани ошкор этилмади.

Хабарларга кўра, Леди Гага ўтган йил июн ойида Токиодаги матбуот анжумани пайтида шу идишдан чой ҳўплаган.

Ўшанда Леди Гага Японияда рўй берган кучли зилзиладан азият чекканларга ёрдам тариқасида хайрия концерти бериш учун Токиога борган эди.

Асли исми Стефани Германотта бўлган қўшиқчининг жорий ойда Японияда учта концерт бериши кутиляпти.