Путин ташқи сиёсатга оид фармонга имзо чекди

Душанба куни учинчи маротаба Россия президенти курсисига ўтирган Владимир Путин мамлакат ташқи алоқаларини белгиловчи фармонга имзо чекди.

АҚШ ва Россия ўртасидаги яқин алоқани кўзда тутган фармонда Оқ уйнинг Кремл ички ишларига аралашмаслиги ҳам айтилган.

Фармон орқали Владимир Путин Европага ўрнатилиши режалаштирилаётган аксилракета мудофаа тизими Россияга қарши қаратилмагани ҳақида АҚШдан “ишончли кафолатлар” талаб қилди.

Россия-АҚШ алоқаларини “ҳақиқий стратегик даражага” олиб чиқиши айтилаётган ушбу ҳужжатда Абхазия ва Жанубий Осетияга мустақил давлатлар каби шаклланишда ёрдам кўрсатиш ҳам кўзда тутилган.

Бу икки ҳудуд 2008 йили Россия ва Грузия ўртасида юз берган ҳарбий низодан сўнг Грузиядан ажралиб чиқишганини эълон қилишган эди.