Индонезияда қулаган Россия учқичи қолдиқлари топилди

Сухой Супержет-100 қолдиқлари топилган жой.

Индонезия расмийлари Россияниг Сухой Супержет-100 самолёти чоршанба куни қулаган жойда омон қолганлар топилмаганини маълум қилди.

Россияда ишлаб чиқилган янги йўловчи учқич қолдиқлари пайшанба куни Индонезия ғарбидаги тоғ қоясида топилди.

Учқич бортида 50 ка яқин одам, жумладан Сухой Супержет-100 самолётини сотиб олишга қизиқиш билдирган ширкатлар вакиллари бўлган.

Дастлабки хабарларда йўловчиларнинг камида 36 нафари индонезияликлар бўлгани айтилди.

Россиянинг Сухой номидаги корхонаси фуқаровий авиация бўлимида 2008 йилда ишлаб чиқилган йўловчи самолёт Осиё мамлакатлари бўйлаб реклама турини амалга ошираётган бўлган. Бундан аввал у Қозоғистон, Покистон ва Мьянмада тўхтаб ўтган.

Учқич Жакартадан чиқиб, 21 дақиқа учгач, ҳалокатга учраган.