Лондон 2012 Олимпиадаси машъаласи ёқилди

2012 йилги Лондон Олимпиадаси машъаласи.

Грециянинг Қадимги Олимпия вайроналарида 2012 йилги Лондон Олимпия ўйинлари машъаласи ёқилди. Бу жойда бундан 2800 йил аввал илк бор Олимпия ўйинлари ўтказилган.

Пайшанба кунги маросимда роҳиба кийимидаги актрисса параболик ойна ёрдамида қуёш нурларини машъалага жамлаб, уни ёқди.

Тадбирда Халқаро Олимпия қўмитаси раиси Жак Рогге ҳамда кўплаб расмийлар ва собиқ олимпиячилар қатнашди.

Пайшанба куни об-ҳаво айниб қолиши эҳтимоли туфайли, чоршанба куни ҳам, ҳар эҳтимолга қарши, машъала ёқиб қўйилган эди.

Энди Олимпия машъаласи Грецияда 2900 километрлик масофани босиб ўтади. 17 май куни эса Афинадаги Панатинаикос стадионида Лондон ўйинлари мутасаддиларига топширилади. Замонавий Олимпия ўйинларининг биринчиси 1896 йилда ана шу стадионда ўтказилган.

Лондон Олимпиадаси 27 июл куни бошланади.