Тбилисидаги тошқинда уч киши ҳалок бўлди

Тбилисида икки йил аввал ҳам катта сел кузатилганди.

Грузия пойтахти Тбилисида сел оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди. Тошқин пайтида тан жароҳати олганлар ва бедарак кетганлар ҳам бор.

Тбилиси шаҳар ҳокимияти Фавқулодда вазиятлар хизмати раҳбари Темур Гиоргадзенинг маълум қилишича, баландлиги қарийб 3 метр келадиган тўлқин уйлардан бирини буткул вайрон қилган, у ерда бир аёл ва унинг вояга етмаган икки фарзандининг жасади топилган.

Маълумотларга кўра, шиддатли сув тўлқини биноларга жиддий шикаст етказган, дарахтларни илдизи билан қўпориб юборган ва автомобилларни ағдариб ташлаган.

Ёрдам керак жойларга қутқарувчилар ва “тез ёрдам” бригадалари сафарбар қилинган.

Тбилисидаги селга тинимсиз қуйган жала сабаб бўлгани айтилмоқда.