Афғонистонда шанба куни ўлдирилган икки ҳарбий - британиялик

НАТОнинг Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида шанба куни ўлдирилган икки ҳарбийси Буюк Британия фуқаролари бўлгани маълум бўлди.

Британия расмийларининг бугунги баёнотига кўра, ҳалок бўлганлардан бири Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларида, иккинчиси Уэльс гвардиячи полкида хизмат қилган.

Ҳалок бўлганлар ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи аъзолари бўлиб, навбатчилик ўтаётган пайтда ўлдирилган. Айтилишича, улар маҳаллий амалдорлар иштирокидаги йиғилиш хавфсизлигини таъминлаш билан банд эди.

Афғонистон хавфсизлик кучлари вакилига кўра, британиялик ҳарбийларни ўлдирганлар маҳаллий полицияда қарийб бир йил хизмат қилган.

Воқеа юз бериши биланоқ НАТОнинг Афғонистондаги кучлари раҳбарияти ҳужум қилганлар Афғонистон полицияси кийимидаги жанггарилар эди, деб хабар қилган эди.