Мексикада бошсиз жасадлар топилди

Мексика шимолидаги Монтеррей шаҳри яқинида якшанба куни целлофан қопларга ўралган 49 жасад топилди.

Полиция маълумотларига кўра, ҳали шахси аниқланмаган мақтуллар йўл четига ташлаб кетилган. Жасадлар ёнидан Зетас наркокартели аъзолари томонидан ёзилган қоғоз парчаси топилган.

Ҳозирда воқеа содир бўлган жойда автойўл тўсилган бўлиб, у ерда тергов-текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳодиса Мексикада сўнгги бир неча йил ичида содир бўлган жиноятларнинг энг мудҳиши экани айтилмоқда.

Маҳаллий расмийлар содир бўлган воқеани гиёҳванд моддалар контрабандаси устидан назоратни қўлга киритиш учун наркокартеллар ўртасида авж олган кураш билан боғламоқдалар.

Мексиканинг амалдаги президенти Фелипе Калдерон 2006 йил декабрида иқтидорга келганидан буён бангфурушлар билан кескин кураш олиб бормоқда. Шунга қарамай, банг савдоси билан боғлиқ зўравонлик тобора авжланиб бораяпти. Маълумотларга кўра, шу кунгача Мексикада гиёҳванд моддалар контрабандаси билан боғлиқ равишда 50 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.