Грецияда яна сайлов бўлади

Греция парламентига янги сайлов бўлиши тўғрисида Социалистлар партияси лидери Евангелос Венизелос баёнот берди.

Грецияда яна парламент сайлови ўтказилиши муқаррардир, деб баёнот берди социалистлар партияси лидери Евангелос Венизелос бугун беш партия лидерларининг натижасиз тугаган сўзлашувларидан кейин.

Мамлакат парламентидан жой олган беш партия лидерлари бугун ҳукуматни тузиш юзасидан сўзлашувларнинг янги босқичини ўтказди ва президент Каролос Папульяснинг таклифини муҳокама қилди.

Президент ҳукуматни Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасидан олинажак ёрдам масаласидаги партиялараро келишмовчиликларни бартараф эта оладиган сиёсатдан ҳоли мутахассислардан тузишни таклиф қилган эди.

6 май куни Греция парламентига сайлов бўлиб ўтганидан бери бир неча бор партиялараро сўзлашувлар бўлиб ўтган, лекин парламентда биронта ҳам партия ҳал қилувчи овозга эга бўлолмагани учун музокаралар натижасиз тугаган эди.