Афғонистонлик сенаторларга таҳдид қилинмоқда

Афғонистон сенати раиси Фазал Ҳодий Муслимёр.

Афғонистон сенатида маъқулланиши кутилаётган АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома туфайли маҳаллий сенаторларга таҳдид қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Афғонистон сенати раиси Фазал Ҳодий Муслимёр билдирди.

Айни пайтда Муслимёр бу таҳдидлар икки давлат ўртасидаги шартноманинг Сенатда кўриб чиқилишига тўсиқ бўлолмаслигини қайд этди.

Аввалроқ Афғонистон парламентининг бир неча аъзоси шу пайтгача маълум бўлмаган “Мулла Додуллоҳ жабҳаси” ташкилотидан таҳдидли смс-хабарлар олганларини маълум қилгандилар.

Толибон лидерларидан бири бўлган Мулла Додуллоҳ 2007 йили АҚШ қўшинлари томонидан ўлдирилганди.

Барак Обама ва Ҳамид Карзай томонидан шу йил май ойида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома 2014 йилда НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг икки мамлакат ўртасида давом этажак алоқаларга тааллуқлидир.