Facebook асосчиси уйланди

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ бўлган Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Зуккерберг шанба куни Присцилла Чанга уйланди.

Зуккерберг ўзининг Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида никоҳ маросимида олинган фотосуратларни чоп этди ва оилавий мақомини “уйланган”га ўзгартирди. Камтарона тўй маросими Зуккерберг яшайдиган Калифорниядаги Пало-Алтода бўлиб ўтди.

28 ёшли миллиардер Зуккерберг рафиқаси билан Гарвард университетида ўқиб юрган кезда танишган бўлиб, улар 9 йилдан буён учрашиб юрганлар.

Бу ҳафта Facebook асосчиси учун воқеаларга бой бўлди – 18 майдан бошлаб Facebook акциялари доимий сармоядорлар учун сотувга қўйилди, шундан сўнг мазкур тармоқ активлари қиймати 104 миллиард долларга баҳоланди.