Қозоғистонда Шетпе воқеалари бўйича 4 киши қамалди

Шетпе воқеалари бўйича судланаётганларнинг яқинлари Ақтау шаҳар суди олдида, 2012 йилнинг 21 майи.

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳар суди ўтган йилнинг 17 декабр куни Шетпе станциясида содир этилган тартибсизликлар бўйича тўрт кишини 4 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Мазкур иш бўйича бир судланувчи шартли жазо олди, яна бир киши оқланди.

Камида бир одамнинг ҳаётига зомин бўлган Шетпедаги намойиш 2011 йил 16 декабрида Жанаўзен шаҳридаги норозилик чиқишларининг бостирилишига қарши уюштирилганди. У ерда полициячилар ўқидан 16 намойишчи ҳалок бўлган.

Айни пайтда Ақтауда Жанаўзендаги оммавий тартибсизликлар иштирокчилари устидан маҳкама давом этмоқда. Мазкур судда 37 кишининг иши кўриб чиқилаяпти.