Интерпол Қодиржон Ботировни қидирмайди

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова Интерпол 2010 йилги Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қодиржон Ботировга халқаро қидирув эълон қилишдан бош тортганини билдирди.

Озодликнинг қирғиз хизмати сайти орқали муштарийлар саволларига онлайн режимида жавоб берган Аида Салянованинг айтишича, Интерпол сиёсий , ирқий, миллий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган шахсларни қўлга олишда ҳамкорлик қилмайди.

Аида Салянова Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида абланаётган яна бир ўзбек лидери Жалоллиддин Салоҳутдиновга нисбатан ўз вақтида жиноят иши очилмаганини, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаганини ҳам айтиб ўтди.

Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида айбланаётган Қодиржон Ботиров ва Жалолиддин Салоҳутдиновлар айни пайтда хориж давлатларидан бошпана топишган.