Афғонистон парламенти АҚШ билан имзоланган муҳим шартномани тасдиқлади

Афғонистон парламенти Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномани тасдиқлади.

Бу ҳужжат хориж кучлари 2014 йилда мамлакатни тарк этганидан кейин АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда қолишига йўл очади.

Депутатларга кўра, шартнома овозга қўйилган пайтда 249 депутатнинг оз қисми унга қарши овоз берган.

Энди “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома Сенат муҳокамасига тақдим этилади.

Бу келишув 2 май куни Кобулда Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва АҚШ Президенти Барак Обама томонидан имзоланган эди.