Дамашқ Ҳаула фожиасига масъул эканини рад қилди

Сурия ҳукумати халқаро ҳамжамият кескин танқид қилаётган Ҳаула шаҳрида 92 одам, жумладан, 32 бола ўлдирилгани учун масъул эканини рад қилди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жиҳод Ал-Макдисси тинч аҳоли ўлдирилишига террорчилар масъул эканини айтиб, воқеа юзасидан текширув ўтказиш учун махсус қўмита тузилаётганини билдирди.

Дамашда ўтказилган матбуот конференциясида Суриядаги БМТ кузатувчилар миссияси раҳбари генерал Роберт Муд Ҳауладаги ҳужумни Сурия халқи келажагига қарши қилинган ҳужум деб атади.

- 32 нафар бегуноҳ бола, жуда кўп аёл ва эркаклар ҳалок бўлгани, айниқса, болаларнинг ўлими Сурия халқи келажаги ва хоҳиш-иродасига қарши қилинган қабул қилиб бўлмас ҳужумдир. Буни ким бошлади, ким жавоб қайтарди ва унга ким ҳисса қўшди, - деди генерал Роберт Муд.