БМТ Хавфсизлик кенгаши Ҳауладаги қотилликни қоралади

БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлиси.

Якшанба куни Суриянинг Хама шаҳрида ҳукумат қўшинлари ўтказган амалиёт натижасида 33 киши, жумладан, 7 нафар вояга етмаган бола нобуд бўлди. Бу ҳақда ғарб ахборот агентликлари суриялик ҳуқуқ фаолларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Хама шаҳри маҳаллалари БМТ Хавфсизлик кенгашининг якшанба куни Суриядаги вазият кўриб чиқилган шошилинч мажлисидан сўнг пулемёт ва миномётлардан ўққа тутилган.

Кеча шошилинч мажлис ўтказган БМТ Хавфсизлик кенгаши Суриянинг Ҳаула шаҳри 25 май куни ҳукумат қўшинлари томонидан тўпга тутилишини кескин қораловчи баёнот тарқатганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жума куни қурбон бўлган 116 киши орасида кўплаб болалар, аёллар ва қариялар бор.

Хавфсизлик кенгашининг мазкур баёнотини барча иштирокчилар, шу жумладан, Башар Асад режимига кескин баҳо беришдан тийилиб келаётган Россия ҳам қўллаб-қувватлади.

Ҳужжатда ҳаулаликлар ўлимига маҳаллаларнинг тўп ва танклардан ўққа тутилиши сабаб бўлгани қайд этилади. Хавфсизлик кенгаши яна бир карра Дамашқни қуролланган мухолифатга қарши курашда оғир қуроллардан фойдаланишни бас қилишга чақирди.

Расмий Дамашқ мазкур қотилликлар учун жавобгарликни мухолифат билан боғлиқ “террорчилар”га юклаяпти ва содир бўлган ҳодиса тафсилотларини диққат билан текширилишини ваъда қилмоқда.