Ислоҳот талаб қилган марокашликлар кўчага чиқди

Якшанба куни Касабланкада ҳукуматнинг ваъда қилинган ислоҳотларни ўтказишга иқтидорсизлигига нисбатан норозилик билдираётган ўн минглаб марокашликлар намойишга чиқди.

Касаба уюшмалари томонидан уюштирилган бу намойиш иш ҳақини ошириш ва ижтимоий шароитни яхшилаш шиори остида ўтказилди.

Марокаш қироли Муҳаммад VI ўтган йили ўз ваколатларини чеклаган ва норозилик кайфияти ёйилмаслиги учун ислоҳотлар ўтказишга ваъда қилганди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида бу мамлакатда сайловлар бўлиб ўтди, натижада ҳокимият тепасига мўътадил исломий қарашдаги Адолат ва тараққиёт партияси бошчилигидаги коалицион ҳукумат келди. Ўшанда янги ҳукумат жамиятда ижтимоий адолат ўрнатилиши, ишсизлик ва саводсизликка қарши курашилишини ваъда қилганди.