Қозоғистонда Жанаўзен иши бўйича 5 полициячи қамалди

Қозоғистонда суд Жанаўзен шаҳрида содир бўлган тўқнашувлардаги роли учун беш нафар полиция ходимини беш йилдан етти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Уч судланувчи маҳаллий полиция бўлимларида юқори лавозимларни эгаллаб келган.

Судланган полициячилар декабр ойида Жанаўзен шаҳрида рўй берган тўқнашувлар давомида ўз ваколатини ошириб юборганликда айбдор, деб топилди.

Ўтган йилнинг 16 декабрида намойиш қилаётган нефт ширкати ишчиларини тарқатиш амалиёти чоғида полиция камида 16 кишини отиб ўлдирган эди.

Айни дамда Жанаўзен шаҳридаги зўравонликларни уюштиришда айбланаётган 37 киши устидан маҳкама жараёни давом этмоқда.

Аввалроқ судланувчилар суд жараёнида қийноққа солинганлари тўғрисида баёнот беришган эди.