Саккиз давлат Сурия элчисини мамлакатдан чиқариб юборди

Ҳаулада ўлдирилган тинч фуқароларни дафн қилиш маросими, 2012 йил 26 май.

Британия, АҚШ, Германия, Испания, Италия, Канада, Франция, ва Австралия ўз пойтахтларидан Сурия элчиларини чиқариб юборди.

Бундай мувофиқлаштирилган чора Сурияда тинч аҳоли, жумладан, ўтган ҳафта Ҳаулада 108 одам ўлдирилганига норозилик тариқасида кўрилгани маълум қилинди.

Бироқ Россия бундай йўл тутмаслигини билдирди.

БМТ кузатувчилари ўтган ҳафта Ҳаула шаҳрида 108 одам ўлдирилганига Сурия ҳукумати кучлари алоқадор эканини билдирган.

Гувоҳлар ва исёнчиларга кўра, сунний мазҳабидаги мусулмонлар яшайдиган қишлоқлардаги қатлиом президент Башар ал-Ассадга хайрихоҳ бўлган Алавий оқимининг жанггари гуруҳлари томонидан амалга оширилган.

Бироқ Алавийлар ҳукмрон бўлган президент ал-Ассад режими сунний қишлоқларида яшовчи одамлар мухолифатдаги сунний исёнчилар томонидан ўлдирилганини иддао қилмоқда.