БМТ афғон ҳукуматини наркотикларга қарши курашда фаолликка чақирди

БМТ Афғонистон ҳукуматини гиёҳванд моддаларга қарши курашда “самарали ҳаракатларни” амалга оширишга чақирди.

Ташкилотнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчиликка қарши кураш идораси раҳбари Юрий Федотов сешанба куни Кобулда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашди.

Учрашувда мамлакатдаги гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик билан боғлиқ бўлган вазият муҳокама қилингани айтилмоқда.

Журналистларга берган маълумотида Федотов Афғонистон ҳукуматининг кўкнорзорларни йўқ қилишда қозонаётган муваффақиятлари етарли даражада эмаслигини таъкидлади.

Ҳамид Карзай эса гиёҳванд моддалар савдосида барча айб Афғонистонга юкланаётгани, савдодан фойда кўраётганлар эса назардан четда қолаётганини айтиб ўтди.

Карзай маъмурияти эълон қилган баёнотда “наркотиклар савдосининг халқаро террорчилик билан узвий боғлиқлиги ва савдо билан шуғулланаётганларнинг аксарияти афғонистонлик эмаслиги” таъкидланган.

Дунё бўйлаб наркотиклар бозоридаги афюннинг 90 фоизи Афғонистонда етиштирилади.