Клинтон озарбайжонлик маҳкум фаоллар озод қилинишидан умидвор

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбатлашмоқда, Боку, 2012 йилнинг 6 июни.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Бокуга чоршанба кунги ташрифи доирасида Озарбайжон расмийларини инсон ҳақлари ва демократик эркинликларни ҳурмат қилишга чақирди.

Клинтон аксилҳукумат намойишларида иштирок этгани учун судланган журналистлар ва фуқаролик жамияти фаолларини қамоқдан озод қилишга чорлади.

Айни пайтда у ўз ташрифи арафасида озарбайжонлик фаол, Гарвард университети битирувчиси Бахтиёр Гажиевнинг озод қилинишини олқишлади.

Ўз навбатида, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров демократияни ривожлантириш масалалари “бир кунда ҳал бўлмас”лигини билдирди. Вазирга кўра, Озарбайжон расмийлари “фуқаролик жамияти ва демократия ривожи учун кўп” саъй-ҳаракат қилмоқдалар.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг билдиришича, ҳозирда “Халқаро амнистия” ташкилоти томонидан “виждон тутқуни” деб тан олинган 7 журналист ва 11 фаол Озарбайжон қамоқхоналарида қолмоқда.