Талаба ва фаол устидан суд кечиктирилди

Маҳаллий амалдорларнинг одам савдосига аралашиб қолгани ҳақида бонг урган чинозлик ҳуқуқ фаоли¸ талаба Гулноза Йўлдошева устидан маҳкама бошқа кунга қолдирилди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман суди Гулноза Йўлдошева ишини кўриб чиқишни кечиктирган. Бу ҳақда унинг адвокати Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига маълум қилди.

- Бу ҳақда Йўлдошеванинг адвокати менга айтди, менинг ўзимни эса судга боришимга тўсқинлик қилишяпти¸ дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси бўлган Йўлдошева расман товламачиликда айбланаяпти.

2012 йилнинг 9 апрел куни ҳуқуқ ҳимоячи Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи мулозим қабулида бўлган ва бу учрашувдан икки кун ўтиб талаба қиз ҳибсга олинган эди.

Чинозлик ҳуқуқ ҳимоячиси, Чиноз коллежининг 4-курс талабаси Йўлдошева устидан суд Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман судида 13 июн куни бошланиши керак эди.

Икромовга кўра, Йўлдошева маҳаллий мутасаддиларнинг одам савдосига аралашиб қолганини фош этгани боис унга нисбатан унга уйдирма айб билан жиноий иш қўзғатилган:

- Йўлдошева маҳаллий амалдорларнинг одам савдосига аралашиб қолгани ҳақида Озодлик радиосига ҳам хабар берган эди, дея эслайди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг маълум қилишича, ўтган йилнинг охирида Йўлдошева вилоят прокурори, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон президенти, Омбудсман ҳамда парламент Қонунчилик палатасига ариза, шикоят ва мурожаатномалар юбориб, Чиноздаги мутасаддиларнинг одам савдосига аралашиб юргани борасида далил ва исботлар келтирган.

- У тақдим этган маълумотга кўра, ўзбекистонликларни Қозоғистонга қулликка жўнатишган. Йўлдошева ҳар бир юборган аризага мутасаддиларнинг жиноятларини фош этувчи дискларни илова қилиб юборган, дейди Суръат Икромов.