Грецияда парламент сайлови ўтмоқда

Бугун Грецияда муддатидан аввалги парламент сайловлари ўтказилмоқда. Мамлакатнинг евроҳудуддаги истиқболи ва Европадаги қарз бўҳронининг бундан буёнги ривожи айнан шу сайловга боғлиқ бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқидан молиявий ёрдам олиш тарафдори ва бунга қарши бўлган депутатликка номзодлар ўртасида ғалабага эришиш имконияти, сўнгги сўров натижаларига кўра, қарийб тенг.

СИРИЗА ўнг-радикал блоки сайловда ғалаба қозонган тақдирда ЕИ билан тузилган кескин иқтисодни кўзда тутувчи битимни бекор қилиш ҳамда қарз бўҳронини енгиш учун молиявий ёрдамнинг янги шартлари ҳақида келишувга эришишни ваъда қилмоқда. ЕИ билан битимни ёқлаётган “Янги демократия” партияси лидери Антонис Самарас бундай йўл тутилган тақдирда ЕИдаги ҳамкорлар Грецияни евроҳудудни тарк қилиб, миллий валюта бўлган драхмага қайтишга мажбур қилишларини, бу эса фожеавий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтмоқда.

Грецияда бор-йўғи бир ярим ой муқаддам ўтказилган парламент сайловлари муваффақиятсиз якунланган – ўшанда сиёсий кучларнинг ҳеч қайсиси ҳукумат тузишга муваффақ бўлолмаганди.

Европа мамлакатлари лидерлари Греция евроҳудудда қолиши кераклиги ҳақида бир неча бор таъкидлаганлар. Хусусан, Германия канцлери Ангела Меркел шанба куни Грецияда ЕИ билан тузилган битим шартларини оғишмай бажарадиган ҳукумат тузилиши муҳимлиги ҳақида очиқ баёнот берди.