Олимпиада чипталари "қора бозорда пулланаётгани" текширилмоқда

Халқаро Олимпия қўмитаси Лондонда бўладиган Ёзги Олимпиада ўйинларига чипталар қора бозорда сотилаётгани хусусида текширув бошлади.

Лондондаги “The Sunday Times” газетасида ўнлаб давлатда Миллий Олимпия қўмиталари қизиқарли ўйинларга чипталар нархини ошириб сотаётгани иддао қилинган мақолани чоп қилганидан сўнг Халқаро Олимпия қўмитаси директорлар кенгашининг фавқулодда йиғилиш ўтказилди.

Яширин мухбирлар хабарига кўра, 54та давлатга ажратилган чипталарга алоқадор бўлган 27 расмий битта чиптани хатто 10 минг АҚШ долларидан ортиқ нархда сотмоқчи бўлган.

Халқаро Олимпия қўмитаси чиқарган баёнотда ташкилот чипталар қора бозорда сотилаётгани ҳақидаги маълумотни жиддий қабул қилиши ва чипта сотиш тартибини бузган ҳар қандай Миллий Олимпия қўмитасига нисбатан кескин чоралар кўрилиши билдирилган.

Олимпиада чипталари қора бозорда сотилаётгани ҳақидаги жандал сабабли Украина Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Владимир Герашенко май ойида истеъфога чиққан эди.