Миср президент сайлови натижаларини эълон қилиш қолдирилди

Миср расмий матбуотининг хабар қилишича, мамлакат сайлов комиссияси президент сайлови натижаларини, аввал айтилганидек, пайшанба куни эълон қилмайди.

Сайлов комиссяси ўз қарорини номзодлардан тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун вақт талаб этилиши билан изоҳламоқда.

Миср президент сайлови иккинчи даврасида Мусулмон биродарлиги номзоди Муҳаммад Мурсий билан собиқ бош вазир Аҳмад Шафиқ рақиблик қилди.

Иккала номзод сайловда ғалаба қозонганини иддао қилиб, бир-бири устидан сайлов комиссиясига шикоят ташлаган.

Сайловга оид мунозаралар умрбод қамоққа ҳукм қилинган собиқ президент, 84 яшар Ҳусни Муборакнинг соғлиғи жиддий ёмонлашган пайтга тўғри келди.

Муборак ўтган йили Мисрда кўтарилган халқ исёни пайтида намойишчиларни ўққа тутганликда айбдор деб топилиб, 2 июн куни умрбод қамоққа ҳукм қилинди.