Брюсселда евроҳудуд тақдири муҳокама қилинади

Пайшанба куни Европа Иттифоқининг Брюсселда бошланадиган икки кунлик саммити кун тартибидаги асосий мавзу евроҳудуд тақдири бўлиши кутилмоқда.

Музокаралар чоғида ЕИ қарзларини яҳлитлаштириб, иттифоқ учун умумий “еврооблигациялар”ни жорий қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Таҳлилчилар фикрича, Германия каби иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатлар кафолати ёрдамида евроҳудуддаги заифроқ мамлакатлар учун қарз олиш харажатларини камайтириш имкони пайдо бўлади.

Франция Президенти Франсуа Олланд бу ғояни қўллаб-қувватлаётган етакчилардандир, лекин Германия Канцлери Ангела Меркел унга қарши чиқмоқда.

Саммит арафасида икки етакчи учрашуви чоғида Меркел Германия Европанинг энг қудратли давлати бўлса-да, унга ортиқча мажбуриятлар юкламаслик лозимлигини айтиб, режага ўз қаршилигини билдирди.