Эрнапасов умрбод қамоққа ҳукм этилди

Озод Эрнапасов умрининг охирига қадар қамоқда қоладиган бўлди.


Санкт-Петербург шаҳар суди 10 яшар болакайни зўрлаб ўлдирганликда айбланиб 20 йилга қамалган Ўзбекистон фуқароси Озод Эрнапасов ишини қайта кўриб чиқди ва ҳукмни умрбод қамоқ жазосига алмаштирди.

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси матбуот маркази тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон фуқароси Озод Эрнапасов Россия Жиноят Кодексининг 132, 105 ва 158-моддалари қатор бандлари асосида айбдор деб топилган, прокуратура талаблари тўлиқ қондирилган.

Санкт-Петербург Тергов бошқармаси маълумотига кўра, 26 сентябр куни ўзбекистонлик Озод Эрнапасов Санкт-Петербургнинг Красногвардейская туманида ижарада туриб ремонт қилаётган уйга 10 ёшли ўғил болани алдаб олиб киради ва уни калтаклаб¸ зўрлайди.

Боланинг бақириғини эшитиб қолган қўшнилар полиция чақиртиради.

Ўз қилмишидан қўрқиб кетган Озод Эрнапасов боланинг кўкрак қисмига беш марта пичоқ уради ва боланинг мурдасини яширишга уринади. Бироқ хонага эшикни бузиб кирган полиция ходимлари қўли қонга беланган ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирни жиноят устида ҳибс этишади.

Туман суди ҳаками Эрнапасовга қотиллик ва зўрлаш учун 15 йил, ўғирлик учун 5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Россия Олий суди Санкт-Петербург шаҳар суди чиқарган қарорни бекор қилган ва уни қайта кўриб чиқишга юборган эди.