Толибон Покистондан буйруқ олинганини инкор қилди

Афғонистон Олий тинчлик кенгаши раиси Салоҳиддин Раббоний.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати Кобул ҳукумати билан ўзаро ишонч ўрнатишга доир Қатардаги музокараларга ўз вакилларини юборишга Покистон рухсат бергани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Толиблар ўз Интернет сайти орқали эълон қилган баёнотда ҳаракат барча масалада исломий принциплар ва миллий манфаатдан келиб чиққан ҳолда мустақил қарор қабул қилиши билдирилган.

Шу ҳафта бошида Покистоннинг Афғонистондаги элчиси Муҳаммад Содиқ Рейтерс агентлигига Покистон ҳукумати Афғонистонда тинчлик келишувига эришилишини қўллаб-қувватлашини айтган эди.

Покистонда экани тахмин қилинган Толибон раҳбарияти март ойида Қатардаги музокараларда қатнашишни тўхтатганидан кейин Вашингтоннинг Афғонистонда тинчлик келишувига эришиш умиди пучга чиққан эди.