Женевада Сурия бўйича халқаро анжуман бошланди

Британия Ташқи ишлар вазири В.Ҳейг.

Британия Ташқи ишлар вазири Виллиам Ҳейг Сурия бўйича Женевада ўтказилаётган анжуманда муваффақиятга эришиш “жуда оғир” кечаётганини айтди.

Журналистлар саволларига жавоб берган Ҳейг Россия ва Хитойни Сурияда сиёсий ҳокимиятни топшириш ҳақидаги Ғарб давлатлари режасига рози бўлишга чақирди.

Ҳейгга кўра, Сурия Президенти Башар Ал-Ассад ўтиш даври сиёсий жараёнида Сурия бўйича келишувнинг бир қисми ўлароқ ҳокимиятни тарк этиши керак.

Бироқ Ал-Ассаднинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия ўтиш даври режаси хорижий давлатлар томонидан суқиштирилмаслиги кераклигини таъкидламоқда.

Женева анжуманида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси, Европа Иттифоқи, шунингдек, Ироқ ва Туркия вакиллари қатнашмоқда.

Анжуманда Эрон ва Саудия Арабистони расмийлари иштирок этмаяпти.