Халқаро ҳамжамият Дамашқдан Ўтиш даври ҳукумати тузишни талаб қилмоқда

Сурия масаласига бағишлаб 30 июн куни Женевада ўтказилган халқаро анжуман иштирокчилари - БМТ элчиси К. Аннан (чапдан иккинчи), Россия ташқи ишлар вазири С. Лавров (ўнгдан иккинчи) ва ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси К. Эштон.

Шанба куни Сурияда камида 83 киши нобуд бўлди. Хусусан, Дамашқ яқинидаги Замалка қишлоғида бўлиб ўтган дафн маросимида қатнашаётганлар ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилиши натижасида, суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, 30 киши ҳалок бўлган.

Кеча Женевада Сурия масаласига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда бу мамлакатда амалдаги режим ва мухолифат вакиллари дохил Ўтиш даври ҳукумати тузиш қарори олинган. БМТ ва Араб мамлакатлари халқаро элчиси Кофи Аннан режасига мувофиқ, миллий бирдамлик ҳукумати деб ном оладиган бу коалиция янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва сайловлар ўтказиш билан шуғулланиши керак.

Мазкур режада Сурия президенти Башар Ассадни ҳокимиятдан четлатиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Башар Ассаднинг куни битганини, чунки унинг янги ҳукуматга кириш имконияти қарийб йўқлигини айтди.

Буюк Британияда фаолият кўрсатаётган суриялик ҳуқуқ фаоллари марказининг директори Рами Абдулраҳмон, агар Ассад ҳокимият тепасида қолишда давом этса, Сурия мухолифати ҳеч қанақа Ўтиш даври ҳукумати таркибига кирмаслигини маълум қилди.