Сурия мухолифати БМТ режасини танқид қилди

Сурия бўйича Женевада уюштирилган халқаро анжуман қатнашчилари.

Сурия мухолифти гуруҳлари мамлакатда ҳокимият ўзгаришига оид БМТ воситачилигида ишлаб чиқилган режани танқид қилди.

Мухолифатдаги гуруҳлардан ташкил топган Сурия миллий кенгаши раҳбари Бурҳон Ғалиун сурияликлар “ўз қотили” билан музокара ўтказиши кераклигини “мазаҳ қилиш” деб бахолади.

Ташкилотнинг матбуот котиби Басма Қадмани эса эҳтиёткорлик билан БМТ режасида “ижобий унсурлар кам” эканини таъкидлади.

30 июн куни Сурия бўҳрони масаласида Женева шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Сурияда ўтиш даври ҳукумати тузишни назарда тутган БМТ-Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннан таклиф қилган режа қабул қилинди.

Бироқ Россия талабига мувофиқ бу жараёнда Сурия Президенти Башар Ал-Ассад ҳам иштирок этиши учун унга имконият қолдиришга келишиб олинди.

Айни пайтда, суриялик фаоллар 1 июл куни Сурия бўйлаб давом этган зўравонликлар пайтида камида 21 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.