Туркия-Сурия чегарасида яна нотинчлик

Туркия ҳарбийлари Сурия билан чегарада ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мосламалари жойлаштирилаётганини айтмоқдалар.

Кеча Суриянинг уч вертолёти Туркия чегарасига жуда яқин келиб қолган пайтда Анқара ўзининг F-16 русумли олти қирувчи самолётини ҳавога кўтарган.

Туркия қўмондонлиги маълумотига кўра, сурияликлар чегарани бузиб ўтмагани учун тўқнашувнинг олдини олишга муваффақ бўлинган.

Ўтган жума куни Туркия ҳарбийлари Сурия билан чегарада ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мосламалари жойлаштирилаётгани ҳақида хабар тарқатгандилар.

Ҳарбийларга кўра, бу тадбир аввалроқ Сурия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари турк самолётини уриб туширганидан кейин амалга оширилмоқда. Дамашқ уриб туширилган учқич Сурия ҳудудига ёриб кирганини иддао қилган.