ҲРУ: Суриядаги қийноқлар инсониятга қарши жиноят

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сурияда фуқароларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлиш ва қийноққа солиш давлат сиёсатига айланганини айтмоқда.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган ташкилот сешанба куни эълон қилган баёнотда қийноқлар Сурияда инсониятга қарши жиноятга айлангани ва бу Халқаро жиноятлар суди томонидан тафтиш этилиши лозимлиги таъкидланган.

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботига кўра, Сурия бўйлаб хавфсизлик хизматларига тегишли 27 та ҳибсда сақлаш маркази борлиги аниқланган.

81 саҳифадан иборат ҳисобот Ҳюман Райтс Уотч вакиллари билан суҳбатлашган собиқ маҳбуслар ҳибс марказларида қийноққа солинганлар ёки бошқалар қийноққа солинганига гувоҳ бўлганлар кўрсатмаларига асосланган.