Ироқдаги портлашларда камида 33 киши ҳалок бўлди

Ироқда юз берган портлашлар сериясида камида 33 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин киши жароҳат олди.

Расмийларга кўра, сешанба куни мамлакат жанубида жойлашган Девония шаҳри бозорида юз берган кучли портлаш 25 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 50 чоғли киши жароҳат олган.

Полиция Девония шаҳрига кирувчи барча йўлларни ёпиб, қисман комендантлик соати жорий этди.

Аввалроқ Карбало шаҳрида йўл четига ўрнатилган икки бомба портлашида беш шиа зиёратчиси ўлган, 30 га яқини жароҳат олган эди.

Шиа мусулмонларига қаратилган ҳужумлар масъулиятини Ал Қоиданинг Ироқдаги бўлими ўз зиммасига олган эди.